“Вақт ўтиб Европа ҳам қўшилишга мажбур бўлади” – сиёсатшунос “Тинчлик кенгаши” ва Ўзбекистоннинг унга аъзолиги ҳақида
“Fikr vaqti” дастурининг навбатдаги сонида АҚШ президенти Доналд Трамп асос солган “Тинчлик кенгаши” ва Ўзбекистоннинг унга аъзолиги масаласида ҳам сўз борди. Дастур давомида сиёсатшунос Бектош Бердиевнинг таъкидлашича, айни вақтда Ғазони тиклаш бўйича янги кенгашдан бошқа тузилманинг ўзи йўқ.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Тинчлик кенгаши имкониятларини жуда эрта баҳоламаяптими?
Бектош Бердиевга кўра, “Тинчлик кенгаши” ҳозир жуда баландпарвоз гаплар билан мақталадими ё ерга уриладими, уни барибир аниқ прогнозлар орқали баҳолаш қийин.
“Бу, биринчидан. Иккинчидан, АҚШдай мамлакат ва айниқса Доналд Трамп томонидан илгари сурилаётган бу ташаббус кейинги уч йил давомида жуда катта ютуқларга эришиши ҳам мумкин. Агар кенгаш ўзини амалиётда исботлай олса, бу тузилма бундан кейин ҳам фаолият юритиб кетиши мумкин. Ёки Доналд Трампдан кейин келган президент ҳам унинг ишини давом эттириши мумкин. Бу ҳақда ҳозирдан нимадир дейиш қийин”, – деди у.
Европанинг Трамп ташкил қилган кенгашга аъзо бўлишни истамаётгани ҳақида
Сиёсатшунос дастур давомида бу масалада ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Фикримча, Доналд Трамп Европани кенгашга жалб қиламан, дея ўлиб тургани ҳам йўқ. Чунки Трамп истаса, Европадаги аксар мамлакатни мажбурлаб ҳам аъзо қила олади. Унда бунинг учун иқтисодий, сиёсий ва бошқа механизмлар бор, албатта. Лекин Доналд Трамп ҳозирча Европа давлатлари билан ишламоқчи эмас. Лекин бу Европа келажакда ҳам ташкилотдан четда қолади, дегани эмас. Мана, кўрасиз, ҳали Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари бор ва улар, масалан, АҚШ билан ўта яқин муносабатда. Ва ҳатто, масалан, Виктор Орбан ва Венгрия бор. Менимча, Венгрия ҳам бу тузилмадан четда қолмаслиги мумкин. Чунки Европа бу фақат Франция, Германия ёки Буюк Британия эмас. Барча масалада тил топишавермайди. Кеча Украинага 90 миллиард евро ажратиш жараёнини кўряпмиз-ку, Виктор Орбан, масалан, унга “вето” қўйиб турибди. Худди шундай, демак, Европа мамлакатлари ҳам кейинчалик, масалан, орадан олти ой ўтар, бир йил ўтар, бунга қўшилиши мумкин.
Ёки Европа мамлакатларининг бугун Фаластинга нисбатан муносабати қандай? Ҳа, уни қўллаб-қувватламоқчи, ижобий ёрдам қилмоқчи, ҳатто Фаластин давлатини тан олганлари ҳам бор. Лекин қайси механизм орқали қилади? Қандай қилиб қўллаш мумкин? Мана, бу жиҳатларда улар барибир Америка Қўшма Штатларининг, қўштирноқ ичида айтганда, қош-қовоғи ёки сиёсатига қарайди”, – деди Бердиев.
“Пули бор мамлакатлар кўп, лекин улар нима қила оляпти?”
Таҳлилчининг фикрича, реал вазият жиҳатидан бугун қанчалик катта маблағлар бўлмасин, Ғазодаги қайта қуриш, тинчлик ўрнатиш АҚШ иштирокисиз бўлмайди.
“Энди қаранг, араб давлатларининг, масалан, Қатар, Саудия Арабистони, Кувайтнинг миллиардлаб пули бор. Лекин улар ҳам бугун нима қилишни билмай турибди. Лекин Америка Қўшма Штатларининг сиёсий иродаси бўлмаса, булар унча-мунча давлатга пул ҳам тика олмайди, инвестиция қилиб ҳам кирита олмайди. Улар қараб туради: Америка Қўшма Штатлари, масалан, санкция жорий қилган мамлакатларга умуман яқинлаша олмайди. Эркин эмас бу борада. Дунё мамлакатлари Америка Қўшма Штатларидан эркин эмас. Худди шундай, Ғазо масаласида ҳам.
Мана, 2023 йилдан бери деярли уч йил ўтди. Лекин Америка иштирокисиз ҳеч ким ҳеч нарса қилолгани йўқ ва қилолмайди ҳам. “Тинчлик кенгаши”ни Доналд Трамп қилиб берди буларга. Марҳамат, пул тикинглар. Ана энди пул топиляпти. Унгача пул бор эди, лекин сарфлаш учун механизм йўқ эди. Исроилни тийиб туришга ҳам ҳеч кимнинг қудрати етмайди, то Америка Қўшма Штатлари аралашмас экан. Шу нуқтаи назардан, у деймизми, бу деймизми, “Тинчлик кенгаши”дан бошқа тузилманинг ўзи йўқ. Бундан бошқа ташаббуснинг, нормал ташаббуснинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам лойиҳа мусулмон мамлакатлари томонидан жиддий қўллаб-қувватланмоқда. Ва, менимча, келажакда Европа ҳам, тўғридан-тўғри аъзо бўлмаса-да, ҳар қалай шу тузилма орқали ишлаш истагини билдирса керак”, – деди сиёсатшунос Бектош Бердиев.
Дастурни тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Teglar






