Аёллар ва эркаклар маоши орасидаги фарқ яна 30 йил давомида йўқолмайди
Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳатто хотин-қизлар кўпчиликни ташкил қилувчи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар каби тармоқларда ҳам аёллар ва эркаклар маоши орасидаги фарқ сезиларли даражада.

Буюк Британиядаги «Trades Union Congress» (TUC) маълумотларига кўра, агар мавжуд ривожланиш суръати сақланса, жинслар орасидаги маош фарқини ёпиш ҳаракатлари 2056 йилга қадар самара бермайди. «TUC»нинг расмий маош маълумотлари таҳлилига кўра, эркак ва аёллар ўртасидаги ўртача маош фарқи 12,8 фоизни ташкил этади. Энг кенг фарқ молия ва суғурта соҳасида 27,2 фоизни, дам олиш хизматлари соҳасида эса фақат 1,5 фоизни ташкил этади.
Жинслар орасидаги маош фарқи – бир хил соҳада ишлаётган эркак ва аёлларга тўланадиган маошлар орасидаги фарқдир. Буюк Британияда 250 дан ортиқ ходими бор иш берувчилар маош маълумотларини эълон қилиши шарт. Ҳукумат эса «жинслар орасидаги маош фарқининг асосий сабабларини бартараф этиш ва хотин-қизларни ишда муваффақиятга эришишини қўллаб-қувватлаш»ини маълум қилган.
Хотин-қизлар кўпчиликни ташкил қилувчи соҳаларда, масалан таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар тармоқларида ҳам, жинслар орасидаги фарқ тегишлича 17 фоиз ва 12,8 фоизни ташкил этади. «TUC»нинг таъкидича, бу фарқ аёл ходимнинг йилнинг 47 куни «беқиммат» ишлашига тенг.
«Хотин-қизлар эркаклар билан таққослаганда йилига 1,5 ой давомида самарасиз ишлашга мажбур бўляпти. Ҳали ҳам яшаш харажатлари юқори бўлиб турган бир пайтда, хотин-қизлар яна ҳам йўқотишни бошдан кечиролмайди. Улар ўз ҳуқуқли улушига эга бўлиши керак», – деди «TUC» бош котиби Паул Новак.
У яқинда қабул қилинган «Employment Rights Act»ни «маош тенглигини таъминлаш йўлида муҳим қадам» деб атади ва ҳукуматдан тўлиқ тўловли ота-она таътилига кириш имкониятини кенгайтиришини талаб қилди, шунда «она ва ота боқувчилик вазифаларини биргаликда амалга ошириши мумкин бўлади».
Жинслар орасидаги маош фарқи энг кенг 50–59 ёшдаги ходимлар орасида кузатилади. Меҳнат иттифоқлари гуруҳи бу ҳолатни аёллар оилавий мажбуриятлар учун ишини тўхтатиши ёки камайтириши туфайли ривожланишга боғлайди. «TUC» эса жинслар орасидаги фарқни ёпишга ёрдам бериш учун мослашувчан ишлаш ва болалар боқуви имкониятларини кенгайтиришни талаб қилмоқда.
«Employment Rights Act» доирасида ишчилар ҳуқуқини ошириш бўйича баҳслар давомида бизнес гуруҳлари қўшимча имтиёзлар ва таътиллар харажатларни ошириб, ходимларни ишга олиш хоҳишини пасайтиради, деб таъкидлади.
«Бизнес харажатлари ҳозирданоқ фирмаларнинг иш ўринларини қисқартиришга олиб келмоқда. Меҳнат қонунларидаги катта ўзгаришлар яқинда кучга кирса, ҳукумат бу босимларни яна кучайтирмаслиги учун эҳтиёткор бўлиши керак», – деди «Future of Work and Skills» директори Матю Персивал.
Британияда яқин келажакда иш берувчилар жинслар орасидаги маош фарқини қисқартириш бўйича режаларини эълон қилиши керак бўлади.
Ўзбекистонда вазият қандай?
Марказий банкнинг 2025 йил якунлари учун «We Finance Code» ҳисобитига кщра, Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар ўртасида тенгликни таъминлаш аҳоли даромадини қарийб учдан бирига ошириши мумкин. 2025 йил якуни бўйича, мамлакат доимий аҳолиси сони 38 миллион кишидан ортиқ бўлиб, унинг тахминан 49 фоизи аёллар (18,9 миллион атрофида). Меҳнатга лаёқатли аҳоли (15-64 ёш) орасида 10 миллиондан ортиқ аёллар бўлиб, улар меҳнатга лаёқатли жами аҳолининг қарийб 47 фоизини ташкил этади.
Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 45 фоиздан ошмайди. Аёллар ва эркаклар ўртасида иқтисодий фаолиятда тенг иштирокни таъминлаш Ўзбекистон миллий даромадини тахминан 29 фоизга ошириши мумкин. «McKinsey» маълумотларига кўра, аёллар ўз бизнесини бошлашда оилавий ва уй мажбуриятлари тўсиқ бўлишини эркакларга нисбатан икки баробар кўпроқ қайд этади.
Жаҳон банкининг таҳлиллари шуни кўрсатадики, аёлларнинг 60 фоиздан ортиғи меҳнат бозорида иштирок этишда болалар ва кексалар парвариши билан боғлиқ мажбуриятларни асосий тўсиқ сифатида кўрсатади. БМТ Тараққиёт Дастурининг тадқиқотларига кўра эса, аёлларнинг 48 фоизи иш ва оилавий мажбуриятларни мувозанатлашда жиддий қийинчиликларга дуч келади.
Молиявий секторда гендер тенгликни тизимли ташкил этиш мақсадида 2025 йилга келиб 15 та банк Марказий банкнинг ички гендер тенглик сиёсатини қабул қилган. Таъкидланишича, қилинаётган ишлар натижасида иқтисодиётда аёллар фаоллиги йилдан-йилга ошиб бормоқда.
2022 йилда мамлакатда тахминан 500 минг кичик ва ўрта корхона фаолият юритган бўлиб, уларнинг 187 мингтаси аёл тадбиркорлар томонидан бошқарилган. 2025 йилга келиб, бу рақам сезиларли даражада ошди ва ҳозирда мамлакат бўйлаб 801 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналари фаолият юритмоқда, улардан 225 мингтаси аёл раҳбарлар томонидан бошқарилмоқда. Аёл тадбиркорларнинг умумий кичик ва ўрта бизнес эгаларидаги улуши 39,6 фоизни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, мамлакат бўйлаб жами 5,2 миллион ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 2,1 миллионини аёллар ташкил этади. 2020–2025 йиллар давомида аёллар бизнесини молиялаштириш ҳам сезиларли даражада ўсди. Кредитлар сони 100 790 тадан 403 872 тага етиб, 300 фоизга ўсди, умумий кредит ҳажми эса 4,9 триллион сўмдан 22,7 триллион сўмга ошиб, 364 фоизга ўсди.
Айни пайтда «We Finance Code» Миллий Коалисияси аъзолари сони 19 та бўлиб, улардан 11 таси банк ҳисобланади.





