Нақдсиз босқичда йирик пул айланиши: карта автоматик блокланадими?

26.02.2026 | 12:352 daqiqa

Апрелдан нақдсиз тўловлар кенгайиши ортидан карталар орқали йирик маблағ айланиши ошади. Натижада банкларнинг мавжуд мониторинг тизимлари йирик транзакцияларни янада назорат қила бошлайди.

Нақдсиз босқичда йирик пул айланиши: карта автоматик блокланадими?

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда қатор тўловлар бўйича нақд пулда ҳисоб-китоб қилишга тўлиқ чек қўйилади. Янги тартибга кўра, ушбу маҳсулот ва хизматлар учун тўловлар фақат банк карталари, электрон тўлов иловалари ёки QR-код орқали амалга оширилади.

Бу жараён, табиийки, банк карталари орқали транзаксиялар ҳажмини кескин оширади. Шу шароитда жамоатчилик орасида энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири — катта миқдордаги маблағ айланмаси сабаб карта блокланиши мумкинми, деган саволдир.

Аслида банк тизимидаги ички назорат механизмлари янгилик эмас. Улар жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш доирасида йиллар давомида амал қилиб келади, яъни ички назорат қоидалари аввалдан мавжуд. Нақдсиз босқичга ўтилиши билан бу қоидалар кучайтирилмайди. Бироқ операциялар сони ва ҳажми ошгани сари мониторинг тизимларининг “кўриниши” кучаяди.

Амалдаги мезонларга кўра, агар мижоз 30 кун ичида базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига — тахминан 206 млн сўмга тенг ёки ундан ортиқ маблағни бошқа карталарга ёки электрон ҳамёнларга ўтказса ёхуд шунча маблағни қабул қилса, операция автоматик тарзда мониторингга тушади. Бу блоклаш эмас, балки риск таҳлили жараёнининг бошланишидир.

Яна бир эътиборли жиҳат — кўп сонли карталар иштирок этган транзаксиялар. Масалан, 5 та ва ундан ортиқ карталардан битта хорижий электрон ҳамёнга маблағ ўтказилиши ёки аксинча, битта хорижий ҳамёндан 5 та ва ундан ортиқ карталарга пул келиб тушиши риск индикаторларидан бири ҳисобланади. Худди шундай, битта карта орқали қисқа муддатда бир нечта хорижий молиявий инструментлар билан операция қилиш ҳам тизим эътиборига тушади.

Бундай ҳолатларда маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 402-сон қарори асосида ваколатли органларга юборилади. Бироқ муҳим нуқта шундаки, банклар карталарни автоматик блокламайди. Аввало операция мазмуни ўрганилади, зарур бўлса мижоздан маблағ манбасини тасдиқловчи ҳужжатлар сўралади. Операция қонуний бўлса, чеклов қўлланмайди.

Шу билан бирга, шубҳали операциялар мунтазам такрорланса, мижоз юқори рискли тоифага киритилиши мумкин. Бу эса қўшимча текширувлар ва ҳатто хизмат кўрсатиш шартномасининг бир томонлама бекор қилинишига олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хулоса қилиб айтганда, нақдсиз босқич карта блокланиш хавфини оммавий ҳодисага айлантирмайди. Аммо молиявий шаффофлик талаблари кучайиб бораётган бир пайтда, йирик ва тизимли транзакциялар ҳар доим назорат марказида бўлиши аниқ.

Teglar

Mavzuga oid