Қизил хола ҳикояси: «Аёллар жоҳил одамларни танламанг»
Коняга энди келган пайтларим марказий кўчалардан бирида бошдан-оёқ қип-қизил киядиган, ёноғини ҳам ўткир қизил лаб бўёғи билан бўяб юрадиган аёлни кўргандим. Табиийки, ҳаракатлари, фақат қизил либос кийиши ва ўзини тутишидан оддий одамларга ўхшамаслиги эътиборимни тортди.

Вақт ўтиб, Конянинг Instagram саҳифаларини кузатиб, бу аёлни бутун шаҳар танишини, Султон Ўзжан исмли 70 ёшли аёл эканлигини билдим (ўзидан ёшини сўраганингизда, 48 да дейди). Фақат қизил кийишининг жуда таъсирли ва қайғули ҳикояси бор бўлиб, бу ҳақида махсус мукофотга лойиқ кўрилган ҳужжатли фильм ҳам ишланган экан.
Қизил хола (мен шундай ном қўйдим) шунчалик қизил нарсаларга ружу қўйганки, бозордан олманинг қизилларини олади, сабзавотлардан қип-қизил помидор ейди.
Кўйлак тиктириш учун ҳам газламафурушдан фақат қизил рангли мато танлайди. Сотувчи балки мовий рангни синаб кўрарсан деса, рад этади. Уйидаги нарсаларнинг кўп қисми қизил рангда.
Шаҳар аҳли аёлни «Коня гули» дейишаркан. Унинг ҳикоясини турли оғиздан ҳар хил талқинда тингладим.

Масалан, баъзилар бир кун унга турмуш ўртоғи қизил ранг кўйлак кийган аёлни мақтаган-у, шундан холанинг рашки келиб, фақат шу рангдан либос кийишини айтса, баъзилар эса турмуш ўртоғининг қизил ранг кўзга ташлагани учун унга бу рангдан нимадир кийишни ман қилганини, ажрашишганидан кейин эса аёл атайлаб фақат шу рангда кийинишини айтишади.
Воқеанинг асл тафсилотлари эса қаҳрамонимизнинг тилидан қуйидагича ҳикоя қилинади: «У қизил рангни яхши кўрар эди. Бошқа рангли либос кийсам, қизил кий деб мен билан жанжал ҳам қиларди. Аслида, мен бу рангни ёқтирмас эдим. Аммо у севгани учун кўпинча қизил киярдим.
Севган одамим ўзимнинг ўқитувчим эди. Мен у пайтлар 14 ёшда, ёш қиз эдим. Дадам мактабга бормай, дала ишларига қарашишим кераклигини айтарди. Мен жоҳил бўлиб яшашни истамасдим. Уйдагиларни аранг кўндириб, мактабга қатнай бошладим.

У (турмуш ўртоғи-муаллиф) бизнинг мактабга ўқитувчи бўлиб келган илк куниёқ мендан «Исминг нима?» деб сўради. «Султон» дедим. «Фамилиянг нима?» деди. «Ўзжан» дедим. Кўпинча дарс тушунтираркан,ёнимга келиб, оёғимни босиб кетарди.
Нега менинг оёғимни босади бу деб ҳайрон қолардим. У вақтлар унча билмасдим бундай нарсаларни.
Бир кун у синфдошларим ҳаммамизни саёҳатга олиб чиқди. Ўшанда менинг олдимга келиб, «Онангнинг олдига бориб, қўлингни сўрайман. Сени ўз хонимимга айлантираман»,- деди. У синфдаги 15 қизнинг ичидан мени севди. Шундай қилиб, ўн беш ёшимда ўз ўқитувчимга ошиқ бўлдим. Кейин тўй қилдик. Ўзим Конянинг Оқсаройиданман, у билан Гирусунга кўчдим. Орадан ўн йил ўтса ҳамки, фарзандимиз бўлмади. Турмуш ўртоғим ўқитувчиликдан кетиб, аввал полиция ходими, кейин комиссар бўлди. Докторларга бордик. Улар бизга ЭКО қилдиришни маслаҳат берди, лекин у бунга кўнмади.

Йигирма беш йил фарзандсиз яшадик. Фарзандсизлик сабаб кўп жанжал қилардик, у мени урарди. Ҳар ой дадамнинг уйига аразлаб келардим. Фарзандимиз бўлса ҳаётимиз бошқача бўлар эди, деб кўп ўйлайман. Насиб қилмади. Бир кунс ҳаҳарда бирга кетаётсак, қизил кийимли курд қизини кўриб, «Бу қиз бунча гўзал?» деди. Мен буни эшитиб, шартта дўкондан қизил кўйлак олдим. Эрим фақат мени севсин, бошқасига қарамасин дея, ўша қиз каби кийиндим.
Аммо бўлмади. У ажрашишга қарор қилди. Шундай қилиб, ҳаммаси тугади. Ажрашиш жуда қийин, ёмон нарса. Ундан айрилгандан кейин нималарни ҳис қилмадим,дейсиз? Ажрашиб, маҳкамадан келгандан кейин, 2 кун жойимдан туролмадим. Қаттиқ изтироб чекдим. Психологик муолажа олиш учун Оқсаройга, онамнинг ёнига бордим.
Кейин у Невшеҳирдан бир сариқ сочли қизга уйланганини эшитдим. Ундан бир ўғли бор дейишади. Унга севиб уйланибди. «Гўзал аёл эди» деб таърифлашади қўшнилари. Айрилганимиздан кейин уни ҳеч кўрмадим».

Бедестон бозоридаги газламафурушнинг айтишича, конялиликлар уни бир ҳамшаҳар , ўзининг айрилмас аъзоси сифатида кўради. Кўзга ташланиб тургани учун бир кун кўрмаса, хавотир олади.
«Мен эркак бўлганим учун у аёл билан ўтириб дардлашолмайман. Менимча, қизил ранг билан боғлиқ бир нарсасига етишолмаганидан кейин, шундай қилиб ўзини овутса керак»,-дейди газламафуруш.
Яна бир савдогарнинг сўзларига кўра, инсонларга боласи бўлмаганини, шу сабабдан турмуш ўртоғи у билан ажрашганини айтади. Лекин у ҳақида бирор марта ёмон гап қилганини эшитмаганман. «14-15 йилдан бери бозорда савдо қиламан. Ёз-у қиш либосининг ўзи ҳам, ранги ҳам ҳеч ўзгармайди», дея қўшимча қилди сотувчи.
Қизил хола бозорга тез-тез келишини қуйидагича изоҳлайди: «Мен ўзимни мақтамайман, лекин мени яхши кўрадиганлар кўп. Кўпчилик мени танийди. Бошқа аёлларни бу қадар танишадими? Мени Конядаги ҳамма билади. Мен қизил киймаганларни хушламайман. Мен шу рангнинг ошиғиман. Чунки ярашади-да. Ким кийса ҳам ярашаверади. Бир баққол менга «Султон, қизил сенга ярашгани каби бошқага ярашмайди», дейди. Ҳамма нарсам қизил. Уйимнинг ичи, ҳатто чойнагим ҳам.

«Севги инсоннинг нашъаси»,- дейдилар. Онам «Ошиқ бўлмаганнинг иймони бўлмайди»,- деб айтарди. Ошиқ одамдан ҳеч қўрқма. Ошиқ бўлганнинг қалби тоза бўлади, муҳаббат уни тозалайди. Севиш- ошиқ бўлиш демакдир. Ошиқ бўлмай севиш мумкинми, ахир? Севиб турмуш қурмаганни мен хушламайман. Ошиқ бўлмасдан туриб, турмуш қурилмайди. Ҳали ҳамон унинг мени ўзгалардан рашк қилиши йодимда. Бу ҳам бир севгининг кўриниши. Мен аёлларга ўзларини ҳурмат қиладиган эркакларни танлашларини тавсия қилган бўлардим. Эшитиб, тушуна оладиган инсон билан яшасинлар, жоҳиллар билан эмас. Севган эркакнинг қалби аёлига зўравонлик қилишга йўл қўймайди. Биз бир-биримизга ошиқ эдик, шунга уришсак ҳам, бир соатда ярашиб, яна аввалгидек бўлиб кетаверардик.
Унинг исми Рамазон эди, ажрашганимиздан кейин қайтиб кўролмадим. Саккиз-тўққиз йил олдин ўлди дегандилар, умидим шундан кейин узилди. Биласизми, фарзандимиз бўлсайди, биз айрилмас эдик. Фарзанд ҳамма нарсадан қийматли. Жонингдан бир парча, чунки. Лекин бизларда бўлмади. Айрилдик. Бизнинг ишқ ҳикоямиз шундай битди»,- дея сўзларини тугатди қизмизи хола.

Холанинг ҳикоясини тингларканман,«ўз кўлмагини севган қурбақа” метафораси йодимга тушди. Хола йиллардир ўзи фарқига бориб-бормай,маиший зўравонлик қурбони бўлган. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий зўриқиш билан яшаган. Аммо жуда кичик ёшда, ҳали туйғуларини, соғлом муносабатни тўлиқ англаб етмай, оила қурган. Ўртада соф туйғулар бўлгани ростдир. Лекин холанинг ўзи айтганидек, чин севги яшайдиган эркак қалби аёлга нисбатан зўравонлик қилолмайди. Яна ким билсин. Хола ўзи фарқига бориб-бормай, ўз армонини бошқаларга тавсия қилди: «Аёллар, жоҳил одамларни танламанг».
Меҳриноза Фармонова
Teglar






