Журналистикани қоралаш эмас, уни мустаҳкамлаш вақти келди

Kecha 21:483 daqiqa

Бугун учраб турган айрим салбий ҳолатлар бутун журналистикани айблаш учун асос бўла олмайди. Муаммо касбнинг ўзида эмас, унинг номи ортида шахсий манфаат излаётганларда ва сўз эркинлигини ҳимоя қиладиган мустаҳкам институтлар етишмаслигидадир.

Бугун сиз билан ўзбек журналистикаси, охирги вақтларда унинг атрофида пайдо бўлаётган баъзи кўнгилсиз ҳолатлар ва шу ҳолатлар сабаб журналистика номини қора қилишга уринаётганларнинг хато мантиғи ҳақида гаплашамиз.

Ҳа, бугун медиа маконда журналистика ва сўз эркинлигини осон пул топиш, бойлик орттириш воситасига айлантирганлар йўқ эмас. Расмий рўйхатдан ўтиши билан пулли мурожаат, буюртма материал, ҳатто босим ва товламачиликка ўтиб кетаётган “нашрлар” ҳам учрамоқда, афсуски. Буни инкор этиб бўлмайди.

Бир пайтлар оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишнинг ўзи жуда машаққатли эди. Ҳозир эса атиги 1 БҲМ — 412 минг сўм билан расмий давлат рўйхатидан ўтиш мумкин. Албатта, бу — ахборот майдони очиқлиги нуқтаи назаридан ижобий қадам. Аммо айримлар айнан шу имкониятни касб масъулияти эмас, шахсий манфаат воситаси сифатида кўра бошлаётгани муаммонинг илдизидир.

Лекин барибир унутмаслик керак, бу каби ҳолатлар бутун журналистика майдонига ҳукм чиқариш учун асос бўла олмайди. Асло.

Журналистика — савдо эмас. Журналистика жамият билан давлат ўртасидаги кўприк, инсонларни ҳақиқат билан таъминлайдиган институт. Бу соҳада ҳалоллик, фактга содиқлик ва профессионал масъулият асосий мезон бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Энди иккинчи ҳақиқатга тўхталсам. Бугун деярли барча миллий нашрлар, у хоҳ йирик интернет сайт бўладими, газета-журналми, радио ёки хоҳ телетаҳририят бўладими — иқтисодий оғир аҳволда ишлаяпти. Реклама бозори торлиги, турли ахборот каналлари кўпайиб, рақобат кучайиб бориши, медиани рағбатлантирадиган демократик фондларнинг етишмаслиги, халқаро грант йўлларининг ёпиқлиги, шунингдек, реклама бозорига бевосита ва билвосита таъсир ўтказаётган сўз эркинлиги билан боғлиқ мураккабликлар бунга сабаб бўлмоқда. Лекин кўплаб миллий нашрларимиз шундай қийин вазиятда ҳам журналистика қоидаларига оғишмай ишлашмоқдаки, айнан шу ёндашув журналистика шаънини сақлаб турибди. Бу — фикримча, катта қаҳрамонлик ҳам аслида.

Демак, муаммо журналистикада эмас. Муаммо журналистика, журналист ниқобини кийиб юрган баъзи манфаатпараст шахсларда, уларнинг ёндашувида. Шахсий фойда учун касб обрўсини сотиш билан принципиал, ахлоқий меъёрга таянган журналистни бир тарозига солиш адолатдан эмас, дўстлар.

Шу боис касб ичидаги иллатни рўкач қилиб журналистикани обрўсизлантириш — аслида ҳақиқатни ҳимоясиз қолдириш билан баробар. Чунки ҳақиқат ҳимоясиз қолган жамиятда на адолат мустаҳкам бўлади, на ишонч. Шунинг учун журналистика ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бир касбни ё унинг вакилини эмас, жамиятнинг ўзини ҳимоя қилишдир.

Хулоса

Медиани қийнаётган муаммо ва масалаларни айтдим. Келинг, энди видеога мантиқий хулоса бўлиши учун нима қилсак, бу муаммолар ечим топиши, медиа ҳақиқий кучга айланиб, юқоридаги каби ҳолатлар такрорланмаслиги ҳақида ҳам бироз гаплашсак.

Аввало сўз эркинлиги шахслар билан ҳам, қандайдир кучлар билан ҳам эмас, қонунлар билан ҳимоя қилиниши шарт. Бу қонунларни амалда таъминлаш учун эса ўз навбатида мустаҳкам ва масъулиятли институтлар бўлиши лозим. Ҳозир мамлакатда бундай институтлар қарийб йўқ.

Журналистлар ўз фаолиятида эркин ва хавфсиз ишлай олишлари учун, шунингдек, касбий уюшмалар принципиал ва фаол бўлиши керак. Журналистларнинг бугунги уюшмаси ҳақида гапирмай қўяверайлик, улар нима иш қилаётганини ҳатто ўзлари ҳам билмаса керак.

ОАВни қўллайдиган маҳаллий ва халқаро фондлар сони кўпайтирилиши, уларнинг иши очиқ ва ҳисобдор бўлиши зарур. Бизда бу борада муаммолар жуда катта, ишонинг. Ҳозирги вазият фақат тақиқ ва ўстирмаслик қонуниятига асослангандек.

Фирибгарлар ва манфаатпарастларга одамлар ишониб қолмаслиги учун судлар мустақил ва одил бўлиши шарт. Прокуратура ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятни қонун асосида тўғри ташкил қилиши керак. Шулар тўғри ишласа, ишонинг, журналист қиёфасидаги фирибгарларга ҳам эҳтиёж бўлмайди.

Яқинда ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов таъкидлаганидек, масалан, бугунги Америкада мурожаатини ёритиш эвазига унинг эгасидан пул оладиган бизнинг баъзи блогерларга умуман ҳожат йўқ. Чунки, АҚШда унинг мурожаатини эшитиб, адолатли ҳал қилиб берадиган тизимлар ишлайди. Мантиқ — шу ерда аслида.

Албатта, давлат ҳам ҳар нарсага жиғибийрони чиқаверадиган, сиркаси сув кўтармайдиган, асабий ота қиёфасида эмас, сўз эркинлигига тоқатли, либерал ва масъулиятли бўлиб, журналистлар ва жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириши керак.

Ҳар бир муаммо ва низо давлат томонидан қонун доирасида, тизимли ва биргаликда ечилиши лозим.

Саломат бўлинг.

 

Илёс Сафаров, Vaqt.uz мухбири

 

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 46

Barchasi

Mavzuga oid