
«Танланган ўғилчалар» ёхуд адолат ютқазган саёҳат
Самарқандлик иқтидорли ўқувчилар учун ажратилган саёҳат имконияти вилоят ММТБ ходимлари фарзандлари ўртасида тақсимланди. «Алые паруса» саёҳати ортида очиқ-ойдин непотизм, шаффофлик йўқлиги ва бюджет маблағлари бўйича жавобсиз саволлар мавжуд.
Самарқандда нима бўлди?
Хўп, аввал бошда бу воқеадан хабардор бўлмаганлар учун қисқача изоҳ: Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтадиган «Алые паруса» номли анъанавий битирув кечаси тадбири бор. Ўтган йили ўша тадбирга самарқандлик 14 нафар энг иқтидорли ўқувчи ва уларга раҳбарлик қиладиган бир нафар гуруҳ етакчиси таклиф этилган. Аммо шу иқтидорларни саралаб, ўша тадбирга юбориши керак бўлган Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамов делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини ҳам қўшиб юборган.
Биргина у эмас, ажратилган чипталарнинг айримлари бошқарма ходимларининг фарзандларига ҳам берилган. Яъни танлов энг муносиблар — айтганимдек, вилоятнинг турли соҳалардаги иқтидорли ўқувчилари ўртасида эмас, идора ичида ҳал қилинган. Жумладан, бошқарма давлат харидлари бўлими ходимининг ўғли, инсон ресурслари бўлими бош мутахассисининг ўғли ҳам «танланганлар» қаторида бўлган. Тасаввур қиляпсизми, ёшлар келажагига масъул инсонлар қилаяпти бу ишларни.
Ҳамдамов ва бошқарма муносабати
Ишнинг миси чиқиб, у тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлар экан, кўплаб фикр етакчилари ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳолатни очиқ непотизм деб баҳолашди. Чунки бу ерда гап шунчаки саёҳат ҳақида эмас — болалар ҳақи, адолат ва тенг имкониятлар ҳақида кетаётган эди.
Кулгилиси, Музаффар Ҳамдамов ижтимоий тармоқларда масалага тўхталар экан, жумладан, ҳолат ҳақида биринчи бўлиб ёзган блогер Хайрулла Мамасолиевнинг пости остидаги изоҳида бу иш шунчалик катта гуноҳ эканини билмаганини ёзган. Яъни болалар ҳақига хиёнат қилинаётганини англаш учун ҳам раҳбар даражасидаги масъул шахсда етарли сезги бўлмаган.
Бошқарма матбуот хизматининг бироз ўтиб эълон қилган расмий муносабатида эса Россияга юбориш учун танлаб олинган айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти бўлмагани, айрим ота-оналар эса фарзандларини Россияга юборишни истамаганини айтган. Натижада етарли номзод тўпланмагани қайд этилган.
Лекин жамоатчиликни бу расмий муносабатда қониқтирмаган жиҳат шундаки: 28 июнда бўлиб ўтган тадбирга таклифнома 15 майда келган. Наҳотки, бир ярим ой ичида муносиб болаларни излаб топиш имкони бўлмаган?
1200 дан зиёд мактаби бўлган Самарқанд вилоятида наҳотки 14 нафар муносиб ўқувчини топиш қийин бўлса, танлов бошқарма бошлиғининг ўғли, жияни ва бошқарма ходимларининг фарзандлари билан тугаган бўлса?!
Албатта, йўқ. Халқаро олимпиадаларда иштирок этган, хорижга чиқиш ҳужжатлари тайёр бўлган ўқувчилар Самарқандда кам эмас.
Модомики шундай экан, нега ўқувчиларни очиқ ва шаффоф саралаш механизми ишга туширилмаган? Нега эълон берилмаган? Агар ҳақиқатан ҳам номзодлар етишмаган бўлса, бу тарзда делегация тўплагандан кўра сафарни бекор қилиш мумкин эмасмиди? Ёки жойлар бўш қолган тақдирда ҳам «зое кетмасин, ўзимизникилар бора қолсин», деган тамойил ишга тушиши шартмиди?
Энг аламлиси — бу имконият аслида меҳнати, билими ва натижалари билан муносиб бўлган болаларга тегишли эди. Улар орасида ҳақиқатан ҳам халқаро майдонда мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қила оладиган ўқувчилар бор эди. Токи Самарқандда мавжуд тизим уларни эмас, амалдорларнинг яқинларини танлаётган экан — демак, муаммо шахсий эмас, институционал тус олган.
Қолаверса, Россиядаги барча харажатларни мезбон томон — Санкт-Петербург шаҳри бюджети қоплаган. Ўзбекистон томони фақат авиачипталарни харид қилиши керак бўлган.
Самарқандлик журналист Фарҳод Норбўтаевнинг ёзишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам, вилоят молия бош бошқармаси томонидан ҳам пул ажратилмаган. Бироқ вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг харажатлар сметасидан тахминан 96 миллион сўм Россиядаги битирув кечасига сарфланган.
Энг муҳим савол: агар Россия томони барча харажатларни қоплаган бўлса, нега 96 миллион сўм сарфланган? Бу маблағ қай тартибда ва кимнинг қарори билан ажратилган?
Бизга «облоно» ва «районо»лар нега керак ўзи?
Шу ерда табиий савол туғилади: ўзи бизга «облоно», «районо» ва «гороно»лар нега керак, улар таълимга нима беради-ю, нега ҳамон сақлаб қолинмоқда? 34 йилдан бери улар таълим сифати учун қандай реал қиймат яратди ўзи?
Ўқитувчи болага нима ўқитишни яхши билади, директор эса жамоани бошқаради. Хўш, «облоно», «районо» деган биноларига кирсангиз, нафталин ҳиди анқиб турувчи идоралар бугун бюрократияни ушлаб туриш, қоғоз тўлдиртиришдан бошқа нима иш қилаяпти?
Ўқитувчилар ойлигини ҳақиқатда кўпайтириш учун шундай идораларни бутунлай тугатиш керак эмасмикин? Ахир ҳар бир «районо»да 50, «облоно»да 100 нафардан киши ишласа ҳам, бу — республика миқёсида катта пул. Ўша маблағлар жойларда ҳақиқий меҳнат қилаётган ўқитувчилар ойлигига қўшиб берилса, мана бу таълимга реал инвестиция бўлмайдими? Кенгроқ қаралса, дунёда ҳатто таълим вазирликлари ҳам тугатиляпти. Бизнинг «облоно»чиларимиз қилгани эса шу.
Расмийлар нима демоқда?
Яна асосий масалага қайтамиз. Кеча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазият ўрганилаётганини билдириб, қисқа муносабат билан чиқди:
«Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ушбу текширув натижалари бўйича вазирликнинг расмий саҳифалари орқали қўшимча маълумот берилади», — дейилади муносабатда.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ўрганиш ишлари олиб бораётганини маълум қилди. Агентлик матбуот котибига кўра, текширув якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади.
Хулоса
Бу можаро шунчаки бир сафар масаласи эмас. Бу — тизимли муаммонинг кичик, аммо очиқ кўриниши. Самарқандлик энг иқтидорли ўқувчилар учун ажратилган ўринлар бошқарма масъуллари ва «таниш-билиш»ларнинг фарзандлари ўртасида тақсимланган.
Биласизми, ҳар қандай нормал жамиятда болалар ҳақига қўрқмай хиёнат қиладиган бундай инсонлар эгаллаб турган лавозимида бир кун ҳам қолдирилмайди. Улар бундан аввал ҳатто ҳудуд марказий каналлари орқали чиқарилиб, жамиятдан узр сўраган ҳолда, камида ярим соат бош эгиб туришга ҳам мажбурланади. Чунки аслида айнан майда қонунбузарликлар ва «арзимас» жиноятларга муросасиз бўлган жамиятларгина катта коррупцияни, тизимли непотизмни йўқ қила олади.
Шу сабаб, непотизм ва шу орқали бюджет маблағларини ишлатишда шубҳали ҳаракатларга йўл қўйган бошқарма бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ортиқ бу лавозимда қолмаслиги керак. Умуман, унинг ва бошқарманинг ишда қатнашган бошқа ходимларининг ҳам ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши, шунингдек, таълим тизимига лойиқлиги ҳақида ўйлаб кўрилиши керак. Чунки таълим тизимида адолат бўлмаса, жамиятда адолат бўлмайди. Адолат ва тенг имконият ҳақида гапириш учун, аввало, шу принципларга амал қилиш шарт. Акс ҳолда, коррупцияга қарши кураш ҳақидаги барча баландпарвоз баёнотлар қоғозда қолаверади.
Жамият бу ишни кузатмоқда. Агар бу ҳолат жазосиз қолса, эртага ҳар бир вилоятда шундай «танланган ўғилчалар» пайдо бўлаверади.






