
«Кредит фоизлари фақат асосий ставкага боғлиқ эмас» — Марказий банк Vaqt.uz’даги таҳлилий материалга расмий изоҳ берди
Декабр ойида Vaqt.uz нашрида асосий ставка пасайиб бораётганига қарамай, кредитлар нега арзонлашмагани ҳақидаги таҳлилий материал эълон қилинганди. Марказий банк мазкур масала юзасидан расмий изоҳ бериб, кредит фоизлари шаклланишига таъсир этувчи асосий омилларни тушунтирди.

18 декабрь куни «Асосий ставка пасайиб борса ҳам, нега кредит арзонламади» номли сарлавҳа билан таҳлилий материал эълон қилинганди.
Унда Марказий банкнинг асосий ставкаси 3 йил ичида 17 фоиздан 14 фоизгача пасайгани, шунга қарамай, миллий валютадаги кредитлар бўйича фоизлар унчалик ўзгармагани айтиб ўтилган. Истеъмол кредитлари ўсиши ортидан бу ҳолат тизимли хавфларга сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Марказий банк ушбу материалга нисбатан расмий изоҳ бериб, кредит фоизларига таъсир қилувчи омиллар ҳақида тушунтирди.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсати инфляцияни пасайтириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳолда олиб борилмоқда.
Сўнгги уч йил давомида асосий фоиз ставканинг 17 фоиздан 14 фоизгача босқичма-босқич пасайтирилиши иқтисодиётдаги инфляцион босимларнинг пасайиши билан изоҳланади.
Инфляция даражаси 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 7,3 фоизгача пасайди.
Шу билан бирга, банклар томонидан таклиф этилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкалари фақатгина Марказий банкнинг асосий ставкаси даражасига боғлиқ ҳолда шаклланмайди. Кредит фоиз ставкаларига бир қатор омиллар таъсир қилади.
Биринчидан, кредит фоиз ставкаларининг шаклланишида банкларнинг жалб қилаётган ресурслари базаси қиймати муҳим аҳамият касб этади. Банклар асосан аҳоли ва компанияларнинг омонатлари ҳамда ички ва ташқи жалб қилинган бошқа маблағлар ҳисобидан кредитлар ажратади.
Мазкур ресурслар бўйича тўланадиган фоизлар даражаси кредит ставкаларининг паст ёки юқори бўлишига бевосита таъсир кўрсатади.
Хусусан, 2022 йил декабрь ойида жисмоний ва юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставка мос равишда 20,2 фоиз ва 16,9 фоизни ташкил этган.
2025 йил ноябрь ойида ушбу депозитлар бўйича фоиз ставкалар мос равишда 21 фоиз ҳамда 16,4 фоизни ташкил этмоқда.
Муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг юқорилиги аҳоли ва юридик шахсларнинг юқори инфляцион кутилмалари билан изоҳланади.
Шунингдек, инфляцион кутилмалар кредит фоиз ставкаларини белгилашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Банклар узоқ муддатли кредитлар бўйича келгусида инфляция даражаси юқори бўлиши эҳтимолини инобатга олиб, реал даромадлиликни сақлаб қолиш мақсадида ўз фоиз ставкаларига инфляцион кутилмаларини қўшади.
Иккинчидан, банк тизимидаги рақобат даражаси ва операцион харажатлар кредит ставкаларининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Банклар ўртасидаги рақобат кучайган шароитда кредит ставкаларини пасайтириш учун имкониятлар кенгаяди.
Банкларнинг инфратузилма, ходимлар, технологиялар ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари ҳам банк маҳсулотлари нархи шаклланишига таъсир этади.
Хусусан, банк тизимида давлат улуши мавжуд банкларнинг умумий банк тизимидаги улуши юқори даражада (2025 йил 1 декабрь ҳолатига 65 фоиз атрофида) сақланиб қолмоқда.
Бу, ўз ўрнида, банк тизимидаги рақобат муҳитини чекламоқда.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясида давлат банкларининг жами банк тизими активларидаги улушини 2030 йилда 55 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган.
Учинчидан, мамлакатда капитал бозорининг етарли даражада ривожланмагани ва узоқ муддатли, паст фоизли молиявий ресурсларнинг чеклангани кредит фоиз ставкалари шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Аҳоли ва институционал инвесторларнинг узоқ муддатли жамғармалари чекланганлиги, капитал бозорида узоқ муддатли молиялаштириш инструментларининг етарли даражада эмаслиги банкларнинг кредитлашда асосан қисқа ва ўрта муддатли, нисбатан қимматроқ ресурсларга таянишига олиб келмоқда.
Мазкур ҳолат, ўз навбатида, кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайишини чекламоқда.
Шунингдек, асосий фоиз ставкасидаги ўзгаришларнинг иқтисодиётга таъсири дарҳол эмас, балки маълум вақт оралиғида ва босқичма-босқич намоён бўлади.
Асосий ставкадаги ўзгаришлар аввало пул бозорига, сўнгра банк ресурслари қийматига ва якуний босқичда кредит фоиз ставкаларига таъсир кўрсатади.
Хавфларни Марказий банк назорат қилмоқда
Регулятор маълум қилишича, иқтисодиётни кредитлаш жараёнлари, жумладан истеъмол кредитлари бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Кредитлашнинг тез суръатларда ўсиши молиявий барқарорликка хатар туғдириши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, банклар томонидан рискларни тартибга солиш, кредит портфели сифатини яхшилаш ҳамда зарур ҳолларда макропруденциал чораларни қўллаш амалиёти давом эттирилмоқда.
Бу учун 2024–2025 йилларда Марказий банк томонидан аҳоли қарз юкини мақбуллаштириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар босқичма-босқич жорий этилди.
Биринчи босқич сифатида, 2024 йилда Марказий банк томонидан кредит ва микроқарз беришда қарз юкини ҳисоблаш ва чеклаш механизми белгилаб берилди.
Хусусан, 2024 йил 1 июльдан бошлаб кредит ажратишда қарздорнинг ойлик тўловларининг даромадга нисбати 60 фоиздан ошмаслиги, 2025 йил 1 январдан эса 50 фоиздан юқори бўлмаслиги белгилаб қўйилди.
Бу механизм қарздорнинг амалдаги барча кредитлари бўйича мажбуриятларни тўлиқ ҳисобга олишни, кредитлашда фақат янги тўловлар эмас, балки мавжуд тўловлар ҳам аниқ инобатга олинишини таъминлади.
Иккинчи босқич сифатида, 2025 йилда кредит суммасининг гаров қийматига нисбати бўйича талаблар белгиланди.
Мазкур ҳужжатга кўра, автокредитларда кредит суммасининг гаров қийматига нисбати 75 фоиздан ошмаслиги, ипотека кредитларида эса бу нисбат Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредити бўйича 85 фоиз, бошқа ипотека кредитлари бўйича 80 фоиздан юқори бўлмаслиги талаб этилди.
Учинчи босқичда “Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори билан бир қатор талаблар жорий этилмоқда ва 2026 йил 21 январдан кучга кириши кутилмоқда.
Бунда жорий йилдан бошлаб банклар томонидан кредит таваккалчилигини камайтириш ва аҳоли қарз юки даражасини мақбул даражада сақлаб туриш мақсадида қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичига (Дебт-то-инcоме) доир талаб амалиётга киритилмоқда.
Унга кўра, кредитнинг даромадга нисбати кўрсаткичининг қиймати қарз олувчи даромадининг саккиз бараваридан ошмаслиги керак.
Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи — кредит бўйича асосий қарз миқдорини қарз олувчи ўртача ойлик даромади миқдорига бўлиш орқали аниқланади.
Мазкур кўрсаткич фақатгина истеъмол кредитлари, микроқарзлар ва кредит карталари (овердрафтлар) тақдим этилганда ҳисобланиши белгиланмоқда.
Ўз навбатида мазкур талаб якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар ҳамда таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу тариқа, регулятор кредитлар бўйича фоиз ставкалари пасаймаганини бир қатор бозор ва институционал омиллар билан изоҳлади.





