add

«Чалажон рақибига пичоқ санчиш»: қандай қилиб «Ryanair»  муваффақиятга эришди

Kecha 11:285 daqiqa

Йўловчилар «Ryanair»ни қулайликлар йўқлиги учун ёқтирмайди, сиёсатчилар қоидаларни бузгани учун танқид қилади. Аммо инвесторлар уни самарадорлиги учун яхши кўради: компания даромадлилик бўйича тармоқ ўртача кўрсаткичидан уч баробар юқори натижа кўрсатмоқда.

«Чалажон рақибига пичоқ санчиш»: қандай қилиб «Ryanair»  муваффақиятга эришди

Ўта арзон лоукостер қандай қилиб дунёдаги энг яхши авиакомпаниялардан бирига айлангани ҳақида «The Economist» нашри материал тайёрлади.

«Тўғрисўз» ва «жанжалчи» — Майкл О’Лирига йиллар давомида берилган энг юмшоқ таърифлардан айримлари, холос. Кейинги пайтларда «Ryanair» раҳбари ахборот майдонида камроқ кўрина бошлади. Бироқ, яқинда Илoн Маск бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилди: О’Лири ҳали ҳам тортишувга тайёр.

Дунёдаги энг бой инсон лоукостер самолётларига «Starlink» сунъий йўлдошли Wi-Fi ўрнатишдан бош тортгани учун авиакомпания раҳбарини «аҳмоқ» деб атади. О’Лири ҳам худди шу тарзда жавоб қайтарди — «Катта аҳмоқ» номли чегирмали акцияни бошлади ва Маскка қўшимча даромад топиш имконияти учун миннатдорчилик билдирди. Маск эса «Ryanair»ни таг туби билан сотиб оламан, дея пўписа қилди. Бироқ у Евроиттифоқ фуқароси бўлмагани учун ирланд авиакомпаниясини сотиб ола олмайди. Аммо агар бу имконли бўлганида ҳам авиакомпанияга жуда яхши инвестиция бўлар эди.

ryaniar 02

Сўнгги 30 йил ичида О’Лири «Ryanair»ни зарар ёқасида турган кичик авиакомпаниядан дунёдаги энг муваффақиятли авиаташувчилардан бирига айлантирди. Бугун у Европадаги энг йирик авиакомпания бўлиб, 640 тадан ортиқ самолётдан иборат флотга эга ва қитъанинг умумий ташиш қувватининг тахминан бешдан бир қисмини назорат қилади. 26 январ куни эълон қилинган сўнгги чораклик ҳисобот прогнозларига кўра, компания апрел ойида якунланадиган молиявий йил давомида 208 млн нафар йўловчини ташийди. Бу лоукостер сегментидаги асосий рақиблари — «EasyJet» ва «Wizz Air» кўрсаткичларидан икки-уч баробар юқори.

Соф фойда маржаси 15 фоизни ташкил этди, бу тармоқ бўйича ўртача 4 фоизлик кўрсаткичдан деярли тўрт баробар юқори. 2023 йил бошидан бери компания акциялари 130 фоизга қимматлашган. Ҳолбуки, бу вақт ичида бутун тармоқ ўсиши атиги 50 фоизни ташкил этди.

Илон Маск электромобилни ихтиро қилмаган, аммо уни ишлаб чиқариш усулларини тубдан ўзгартирган. Майкл О’Лири ҳам лоукостер моделини америкалик «Southwest Airlines»дан олган, бироқ тарифларни энг паст даражада ушлаб туриш учун уни мукаммал ҳолатга келтирган. Гап фақат «Ryanair»нинг йўловчиларга юкдек муносабатда бўлишида эмас. Компания арзонроқ ва кам оммалашган аэропортлардан фойдаланади, техник хизмат ва учувчиларни тайёрлаш харажатларини қисқартириш учун самолётларнинг фақат битта турини — «Boeing 737»ни эксплуатация қилади ва бу самолётларни имкон қадар узоқ вақт ҳавода, максимал юклама билан ишлатишга ҳаракат қилади.

ryaniar 05

Айнан харажатларга шундай нуқтали ва қатъий эътибор қаратиш компания муваффақиятининг асосида ётади, дейди «Aviation Strategy» консалтинг компаниясидан Кит Макмаллан.

Автомобилсозликдан ташқари автоном таксилар, ҳуманоид роботлар ва бошқа лойиҳалар билан чалғиб кетаётган Маскдан фарқли ўлароқ, О’Лири ўз формуласига қатъий амал қилади. «Bernstein» брокерлик компанияси таъкидлашича, Европа авиацияси инвесторлар учун қиймат йўқ қилувчи соҳа сифатида ном қозонган. «Ryanair» эса бу манзарада мутлақо алоҳида туради. Илон Маск Майкл О’Лирини «бухгалтер» деб атаб, уни камситишга уринган. Аммо айнан бухгалтерлик ўтмиши ирландиялик раҳбарга авиакомпаниянинг гуллаб-яшнашида ёрдам берган, деб ҳисоблайди «Aviation» Advocacy консалтинги вакили Эндрю Чарлтон.

О’Лири бир неча бор ўзини авиациянинг ўйлаб топилган гламурига маҳлиё бўлган «аэросексуал» эмаслигини таъкидлаган. У самолётлар умуман олганда унга унчалик ёқмаслигини ҳам очиқ айтган.

ryaniar 03

«Ryanair» — жуда консерватив компания. У аслида битта маҳсулотнигина сотади — самолётдаги ўриндиқ. Компания ҳозир Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг айрим мамлакатларига ҳам парвоз қилса-да, барча ўринларнинг ярми ҳали-ҳануз фақат учта давлатдан — Буюк Британия, Италия ва Испаниядан жўнайди.

Йўловчиларга нафақат Wi-Fi таклиф қилинмайди, ўриндиқлари ҳам орқага ётмайди. Бироқ шунга қарамай, компания ўз кўламига нисбатан жуда ҳаракатчан бўлиб қолмоқда. Самолётлар энг юқори даромад келтирадиган йўналишларга тезда қайта тақсимланади, бу эса аэропортлар ўртасидаги рақобатни кучайтиради. Жорий йилда йиғимлар оширилиши сабабли Испаниядаги бир қатор минтақавий аэропортларнинг ўтказиш қуввати сезиларли даражада камаяди.

Лоукостер рақибларининг заиф томонларидан унумли фойдаланади. Италиянинг миллий авиаташувчиси «Alitalia»нинг 2021 йилдаги қулаши (компания 1999 йилдан буён зарар билан ишлаб келган ва тармоқдаги энг ёмон кўрсаткичларни намоён этган. 2021 йилда «Alitalia» банкрот деб эълон қилиниб, тугатилган) «Ryanair»га ички бозорнинг 40 фоизини эгаллаш имконини берди. Компания, шунингдек, пандемиядан кейин скандинавиялик рақиби — SAS заифлашган пайтда Швеция ва Дания бозорларига ўз вақтида кириб борди. «Агар рақиб қон йўқотаётган бўлса, унга пичоқ санч», — деб таърифлайди «Bernstein» таҳлилчиси Алекс Ирвинг «Ryanair» стратегиясини.

ryaniar 04

Кенг кўлам «Ryanair»га етказиб берувчилар билан музокараларда кучли таъсир воситаларини беради. Ҳисоблардаги 1 млрд евро нақд пул ва жорий йилда қарздан тўлиқ қутулиш режалари компанияга оғир даврларни осон енгиб ўтишга ёрдам берди. Пандемия пайтида бошқалар ходимларни оммавий равишда қисқартирган бир вақтда учувчилар ва персоналнинг асосий қисмини сақлаб қолиш авиапарвозлар тиклана бошлаши билан бу имкониятдан тез фойдаланиш имконини берди. Молиявий барқарорлик самолётларни, айниқса «Boeing» буюртмаларга қаттиқ муҳтож бўлган даврда, жуда қулай нархларда харид қилишга йўл очди.

Бугун О’Лири энди лепрекон кийимини кийиб эътибор жалб қилишга ёки самолётларда тик турган ҳолда ўрин жорий этиш ва ҳожатхонадан фойдаланиш учун тўлов олиш ниятини билдиришга интилмайди. Бироқ унинг қарама-қаршиликка асосланган услуби «Ryanair» акциядорларига яхши хизмат қилди. У маош ва меҳнат шартлари бўйича учувчилар билан даҳанаки «жанглар» олиб борди, чипталар фақат «Ryanair» сайти орқали сотилиши учун онлайн-агентликлар билан судлашди ва мунтазам равишда Европа сиёсатчиларига қарши чиқиб, қўл юкини бепул қилиш бўйича «ақлсиз ва ноқонуний» таклифларни кескин танқид қилди.

«Ryanair»нинг жадал ўсиши, кўринишидан, ҳали тўхтамоқчи эмас. 2027 йилдан бошлаб етказиб бериладиган, янада сиғимли ва иқтисодий «Boeing 737 Max»нинг 300 тагача версиясини қамраб олган йирик буюртма харажатларни янада камайтиради ва авиакомпанияни 2034 йилга бориб йилига 300 млн йўловчи ташиш мақсадига яқинлаштиради. Яқинда О’Лири компания раҳбарлигида 2030-йиллар ўрталаригача қолиши мумкинлигини айтди. Ҳозирча эса Маск ёки бошқа кимдир уни бу лавозимдан четлатиши эҳтимоли жуда паст.

Teglar

Mavzuga oid