
Исроил нимадан хавотирда: АҚШнинг Суриядаги янги стратегияси
АҚШнинг иқтисодий фойдага урғу бериши хавфсизлик масалаларининг иккинчи планга тушиб қолишига олиб келиши мумкин.

Яқин Шарқдаги геосиёсий ўзгаришлар фонида Исроил хавфсизлик хизматлари Вашингтоннинг Сурия бўйича янги режаларидан жиддий ташвишга тушмоқда. АҚШнинг Туркия таъсирини қўллаб-қувватлаши ва Россия ҳарбий иштирокини сақлаб қолиши Исроилнинг стратегик манфаатларига зид келиши мумкин.
Walla нашрининг хабарига кўра, Тел-Авивда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шараа Туркия манфаатларини Исроил зарарига илгари суришидан хавотирлар мавжуд. Бу нафақат Сурия ҳудудидаги таъсир доирасига, балки Исроил учун ўта нозик масала бўлган Гўлан тепаликларига ҳам тааллуқлидир.
Туркиянинг минтақада мустаҳкамланиши Исроил учун янги кучлар мувозанатини англатади ва унинг ҳаракат эркинлигини чеклаши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ Сурия масаласига кўпроқ иқтисодий призма орқали қарашни бошлаган.
Манбаларга кўра, йирик Америка корпорациялари аллақачон Сурияни қайта тиклаш лойиҳаларида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Вашингтоннинг иқтисодий манфаатлари сиёсий ва ҳарбий қарорларга таъсир кўрсатаётгани Исроил учун вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Бундай шароитда хавфсизлик масалалари иқтисодий фойда олдида иккинчи планга тушиб қолиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Россия омили ҳам Исроил учун икки ёқлама маънога эга.
Башар Асад режими қулаганидан сўнг Россия ўз фаоллигини бироз пасайтирган бўлса-да, ҳарбий базаларини сақлаб қолди ва патрул хизматини қайта тиклади.
Исроил экспертларининг фикрича, Россиянинг Сурияда қолиши Эрон таъсирини жиловлашда самарали восита бўлиши мумкин. Бироқ, бунинг салбий томони шундаки, Россия ҳарбий иштирокининг кучайиши Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва қуруқликдаги қўшинларининг Сурия ҳудудидаги эркин ҳаракатларига тўсқинлик қилади.
Янги йил арафасида Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ Президенти Доналд Трамп ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувда айнан шу масалалар марказий мавзу бўлиши кутилмоқда.
Тел-Авив Вашингтонни ўз хавфсизлик кафолатларини сақлаб қолишга ва Суриядаги янги тартиб Исроил манфаатларига путур етказмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилади.





