
Сурхондарёда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди
Қумқўрғон ва Олтинсой туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Улардан ҳудудий ривожланиш суръатларини жадаллаштириш кутилаяпти.

Сурхондарё вилоятида маҳаллий ижро ҳокимияти тизимида навбатдаги кадрлар тайинлови амалга оширилди. Қумқўрғон ва Олтинсой туманларига янги ҳокимлар тайинланиб, улар олдига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш вазифалари қўйилмоқда.
Фаррух Омон ўғли Холиқов Қумқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. У 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. Фаррух Холиқов 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида у прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаган. Хусусан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида фаолият юритган. Тайинловга қадар эса Денов тумани прокурори лавозимида ишлаб келган. Унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги тажрибаси туманда қонун устуворлиги, ижтимоий барқарорлик ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Олтинсой тумани ҳокими лавозимига эса Отабек Рустамович Мавлонов тайинланди. Ушбу тайинловга қадар у Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Отабек Мавляновнинг инвестиция ва саноат соҳасидаги тажрибаси Олтинсой туманида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб этиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Аввалроқ Сирдарё ва Наманган вилоятларида янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.





