add

2026 йилдан маҳаллалар учун комплекс ривожланиш тизими жорий этилади

Маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳар бир вилоятга 20 триллион сўм маблағ ажратилади.

2026 йилдан маҳаллалар учун комплекс ривожланиш тизими жорий этилади

2026 йилдан Ўзбекистонда маҳаллани ривожлантириш бўйича мутлақо янги комплекс ёндашув жорий этилади. Бу тизим маҳаллаларда йиллар давомида тўпланиб қолган инфратузилмавий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишга қаратилган.

Янги ёндашувга кўра, ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танлаб олиниб, ушбу туманлардаги барча маҳаллаларда мавжуд муаммолар комплекс тарзда бартараф этилади. Шу билан бирга, танланган ҳудудларда тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам параллел равишда ривожлантирилади. Бу орқали маҳаллий иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳолини даромадли қилиш мақсад қилинган.

Мазкур мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан жами 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади. Қўшимча равишда, депутатларга ўз округларидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм йўналтирилмоқда. «Яшил ҳудуд» ва «яшил боғ»ларни ташкил этиш бўйича ҳар бир депутат ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан ажратилиши белгиланган.

Бу ишларни самарали ташкил этиш мақсадида туман бюджетлари даромад базасини камида икки баробарга ошириш чоралари кўрилмоқда. 2026 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда эса 20 фоизи жойларда қолдирилади ва ушбу маблағларнинг ярми туман бюджетларига ўтказилади. Шунингдек, режадан ортиқ тушган даромадларнинг 50 фоизи, ер ижараси ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман ихтиёрига берилади.

Бундан ташқари, самарасиз штатларни қисқартириш орқали тежалган маблағлар аҳоли кўтарган масалаларни ҳал қилишга йўналтирилади. Натижада туман бюджетларида 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланиб, у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.

Шу билан бирга, 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм маблағ бевосита вилоятлар ихтиёрига берилади. Бу маблағлар иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Шунингдек, урбанизация соҳасида ислоҳотлар бошланиб, 45 та агломерация ҳудуди белгиланади ҳамда «Барқарор шаҳар» платформаси ишга туширилади.

Теглар

Мавзуга оид

2026 йилдан маҳаллалар учун комплекс ривожланиш тизими жорий этилади | Vaqt.uz