Имтиёзли карталар рақобати: Банклар нима учун бу пойгага киришган?

Ўзбекистон банклари дебет карталари учун бир қанча имтиёзлар ва кешбеклар таклиф қилиб келмоқда. Баъзи банклар картани бепулга чиқариб, ҳатто уйгача ҳам текинга етказиб беради. Vaqt.uz бунинг сабаблари ва тизим қандай ишлаши ҳақида сўз юритади.

Имтиёзли карталар рақобати: Банклар нима учун бу пойгага киришган? © Foto: Sputnik / Зафар Халилов

Банк дебет картаси — Ўзбекистондаги энг оммабоп банк картаси ҳисобланади. Бу карта туридан деярли ҳамма фойдаланади. Содда қилиб тушунтирилса, дебет карта — бу мижознинг банк ҳисобрақами. Унга фақат мижозга тегишли маблағ келиб тушади, кредит картадек банкдан қарз олинмайди.

Дебет картасига иш ҳақи, пенсия, стипендия, ижтимоий нафақалар, депозит бўйича фоизлар каби маблағлар ўтказилиши мумкин.

Марказий банк маълумотларига кўра, мамлакатда 298 та банк карта турлари мавжуд бўлса, уларнинг нақ 287 таси дебет банк карталаридир.

Бундай карта маҳсулотлар ва хизматлар учун терминал орқали тўловлар, банкомат орқали нақд пулни ечиб олиш ва картадан картага пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятини беради.

Масалан, карта ҳисобрақамида 10 млн сўм пул бўлса, айнан шунча пулдан фойдаланиш имконияти бўлади. Кредит картасидан фарқли равишда кредит лимити бўлмайди.

Шу сабабли, мамлакат аҳолиси ишлатаётган банк карталарининг катта қисми дебет карталар ҳисобланади.


Имтиёзлар ва кэшбеклар

Аксарият банклар дебет карталаридан фойдалангани учун мижозларга турли хил усулда имтиёзлар ва кэшбеклар таклиф қилади.

Қайсидир банк картадан картага ўтказмаларни бепул қилиб қўйса, бошқаси картада пул сақлангани учун фоиз даромадини тақдим қилади. Баъзи ҳолларда банклар картани бепулга чиқариб, мижознинг уйигача текинга етказиб беради.

Бир қарашда бу ҳолат банк учун зарарлидек туюлади. Бироқ банк мижоз айнан унинг картасидан фойдаланиши учун харажат қилмоқда. Аммо асл мақсад ҳам айнан шунда. Банклар учун кўпроқ одам уларнинг картасидан фойдаланиши бир қанча жиҳатлар билан муҳим.

Ҳар сафар мижоз карта билан тўлов қилганда, савдо нуқтаси банкка «interchange fee» (комиссия) тўлайди. Бу маҳаллий тўлов тизимларида бироз пастроқ бўлса, халқаро карталарда 2 фоизгача бўлиши мумкин.

«Interchange fee» тўлиқ банкда қолмаса-да, аксарият ҳолларда кэшбекнинг маълум қисмини молиялаштиришга ёрдам беради.


Депозит портфели

Дебет картадаги мижозларнинг пуллари депозит портфелини оширишда ҳам муҳим ҳисобланади. Банклар учун бундай картадаги пуллар арзон ресурсдир.

Масалан, «TBC Bank»нинг «Salom» картасида пул сақлаганлар учун йиллик 12 фоиз даромад берилади, харидлардан маълум миқдорда кешбек ҳам қайтарилади. Бироқ, сўнгги маълумотлар бўйича банк микрокарзларни ўртача 40,7 фоиздан ажратмоқда. Расмий сайтда кредит 28–49 фоиз оралиғида ажратилиши кўрсатилган.

Шунга қарамай, дебет картадаги пуллар талаб қилиб олингунча депозитлар ҳисобланади. Шу сабабли улар доимий барқарор ресурс сифатида кўрилмайди.

Бундан ташқари, банк учун имтиёзли карта билан мижозни ушлаб туриш ҳам муҳимдир. Мижозлар карталардан доимий фойдаланиши натижасида банкнинг бошқа маҳсулотларига қизиқиши мумкин.

Содда қилиб тушунтирилса, дебет карта банк учун мижозни экотизимга жалб қилишда «кириш эшиги» бўлиб хизмат қилади.


Мижоз маълумотларини тўплаш

Яна бир муҳим жиҳат — маълумотлар йиғиш. Банклар дебет карта орқали қилинган харидларни таҳлил қилиш ва бу орқали янги хизматларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади.

Мижоз нима сотиб оляпти, қаерда ва қанчага харид қилаяпти каби маълумотлар замонавий дунёда банклар учун муҳимдир.

Шундай қилиб, юқорида санаб ўтилган сабаблар туфайли банклар ўзаро рақобатга киришади ва имтиёзли дебет карталарини таклиф қилади. Бу эса икки томон учун ҳам фойдали.


Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 64

Barchasi

Mavzuga oid